Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида миллий ғоя муҳим ўрин тутмоқда. Шу асосда ёш авлодни ҳар томонлама вояга етказиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Олий педагогик таълим жараёнида бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларини миллий ғоя тарғиботига тайёрлаш долзарб масала қилиб белгиланган. Чунки, бошланғич синф ўқитувчилари ўз ўқувчиларида миллий ғояга ишонч, шу ғоя атрофида уларни бирлаштириш, маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, мустақил Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини тушунтириш ишларини ўқув фанлари ва турли тарбиявий тадбирлар воситасида амалга ошириш баркамол авлодни вояга етказишнинг асосини ташкил этади. Бу масалада Республикамиз Президенти И.А.Каримов жорий йилнинг 16-17-феврал кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида қайд этганидек, “бизнинг янги авлодимиз билимли, ўтмишнинг ҳар қандай иллатларидан озод бўлган ёшларимиз бугунги кунда мамлакатимизни демократлаштириш ва либераллаштириш, уни янгилаш ва ишончли тарзда равнақ топтиришнинг ҳал қилувчи ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда”(Қаранг: “Халқ сўзи” газетаси 2012 йил 18 феврал). Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги ПҚ-451-сонли “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги Қарорида кўрсатилганидек, “Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига, она-юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш масаласи бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда”( “Халқ сўзи” газетаси 2006 йил 26 август ). Шу мураккаб ва шарафли вазифани талаб даражасида бажариш учун бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларини миллий ғоя тарғиботига тайёрлаш жамиятимизда таълим-тарбия жараёнини ривожлантиришда, интеллектуал салоҳиятли кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан ҳам олий педагогик таълим жараёнида бошланғич синф ўқитувчиларини миллий ғоя тарғиботига тайёрлаш долзарб муаммолардан бири ҳисобланади